Беш кун давом этган, шиддатли билимлар жанги билан кечган 2021-2022 ўқув йили умумтаълим фанларидан асосий фан олимпиадасининг биринчи гуруҳ (математика, кимё, биология, физика, информатика) фанлари бўйича 3-Навоий вилоят босқичи якунланди. 700 нафарга яқин ўқувчиларни қамраб олган мазкур билимлар беллашувида энг кучлилар шоҳсупага кўтарилди. Жараённи бевосита онлайн тарзда кузатиб борган ота-оналар, кенг жамоатчилик, ўқувчиларнинг тенгдошлари шаффофлик ва адолат принциплари бузилмаганига гувоҳ бўлди.

Бугун Навоий шаҳридаги инглиз ва хитой тилларини ўрганишга ихтисослашган 5-умумтаълим мактабида олимпиаданинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда ғолиб ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, янги авлод ёшларининг юксак билими, ақлий салоҳияти, интеллекти вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жамоат ташкилотлари ва сектор раҳбарлари томонидан муносиб равишда тақдирланди.

Ташкилий ишларда бош-қош бўлган вилоят ҳокимлиги ғолибларни тақдирлашда ҳам алоҳида ҳиммат кўрсатди.
1-ўрин соҳибларига 1,620,000 сўм ва замонавий русумдаги 15 дона телевизор;
2-ўрин соҳибларига 1,080,000 сўм ва 15 дона велосипед.
3-ўрин эгаларига 810,000 сўм ва 15 дона мобиль телефонлари топширилди. 45 нафар ўқувчи совринли ўринларни қўлга киритган бўлса, 75 нафар ўқувчилар нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоасини саралашнинг биринчи босқичига йўлланмани нақд қилди.

Умумжамоа ҳисобида математика, физика ва инглиз тилини чуқур ўрганишга ихтисослашган Навоий шаҳар Қоракўл мактаб-интернати 1-ўрин, Навоий шаҳар 11-ДИУМ 2-ўринни ишғол қилди.
